Таълим тўғрисидаги қонун

“Таълим тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти
(ЎРҚ–637, 23.09.2020)

Қонун билан жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳар кимга таълим олиш учун тенг ҳуқуқлар кафолатланади.

Таълим турлари қуйидагилардан иборат:

  • мактабгача таълим ва тарбия;
  • умумий ўрта ва ўрта махсус таълим;
  • профессионал таълим;
  • олий таълим;
  • олий таълимдан кейинги таълим;
  • кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
  • мактабдан ташқари таълим.

Умумий ўрта таълим I–XI синфларни ўз ичига олади.

Ўрта махсус таълим академик лицейларда 9 йиллик таянч ўрта таълим асосида 2 йил мобайнида амалга оширилади.

Профессионал таълим бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим даражаларига ажратилади.

Бошланғич профессионал таълим касб-ҳунар мактабларида IX синф битирувчилари негизида кундузги таълим шаклида 2 йиллик интеграциялашган дастур асосида бепул амалга оширилади.

Ўрта профессионал таълим коллежларда давлат буюртмаси ёки тўлов-шартнома асосида давомийлиги 2 йилгача бўлган кундузги, кечки ва сиртқи таълим шакллари бўйича амалга оширилади.

Ўрта махсус профессионал таълим техникумларда давлат буюртмаси ёки тўлов-шартнома асосида давомийлиги камида 2 йил бўлган кундузги, кечки ва сиртқи таълим шакллари бўйича амалга оширилади.

Олий таълимдан кейинги таълимни олий таълим ва илмий ташкилотларда олиш мумкин.

Олий таълимдан кейинги таълим докторлик диссертациясини тайёрлаш ва ҳимоя қилиш мақсадида мутахассисликни чуқур ўрганишни ва илмий изланишлар олиб боришни назарда тутадиган таянч докторантура, докторантура ва мустақил изланувчанлик асосида илмий даражага эга илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлашни таъминлайди.

Таълим олиш шакллари:

  • ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таълим олиш (кундузги);
  • ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим олиш (сиртқи, кечки, масофавий);
  • дуал таълим;
  • оилада таълим олиш ва мустақил таълим олиш;
  • катта ёшдагиларни ўқитиш ва уларга таълим бериш;
  • инклюзив таълим;
  • экстернат тартибидаги таълим;
  • мудофаа, хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти соҳасида кадрлар тайёрлаш.

Қонунга кўра, давлат олий таълим, ўрта махсус, профессионал таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари, шунингдек давлат иштирокидаги олий, ўрта махсус, профессионал таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари Президент ёки Ҳукумат қарорлари билан ташкил этилади.

Нодавлат таълим муассасаларини ташкил этиш уларнинг таъсисчилари томонидан амалга оширилади.

Нодавлат таълим ташкилотларига лицензия Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан берилади.

Таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш барча талабгорлар учун таълим олишга доир тенг имкониятларнинг таъминланиши принципи асосида амалга оширилади, шахсларнинг айрим тоифалари бундан мустасно, уларга қонун ҳужжатларига мувофиқ имтиёзлар берилиши мумкин.

Таълим ташкилотлари талабгорларни ва (ёки) уларнинг ота-онасини ёки бошқа қонуний вакилларини устав, лицензия (нодавлат таълим ташкилотлари учун), давлат аккредитацияси тўғрисидаги сертификат, ўқув дастури ҳамда таълим фаолиятини тартибга солувчи бошқа ҳужжатлар, таълим олувчиларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари билан таништириши шарт.

Жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар ўқишга ўз ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг розилигига ва тиббий-психологик-педагогик комиссиянинг хулосасига биноан қабул қилинади.

Айрим таълим ташкилотларига (олий таълим муассасаларига, академик лицейларга, Президент, ижод, ихтисослаштирилган мактаблар ва бошқаларга) ўқишга қабул қилиш танлов асосида амалга оширилади.

Давлат олий таълим ва профессионал таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш давлат гранти ва (ёки) тўлов-шартнома асосида амалга оширилади.

Чет эллик фуқароларни Ўзбекистоннинг давлат таълим муассасаларига қабул қилиш тўлов-шартнома асосида (бундан давлат гранти ажратилган ҳоллар мустасно) амалга оширилади.

Давлат таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Нодавлат таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш тартиби ушбу таълим ташкилотлари томонидан белгиланади.

Олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиш параметрлари Президент томонидан белгиланади.

Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш чоғида имтиёзли контингент учун қўшимча қабул параметрлари белгиланади.

Шунингдек, мазкур Қонун билан 1997 йил 29 августдаги “Таълим тўғрисида”ги ҳамда “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида”ги Қонунлар ўз кучини йўқотди.

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.